Saidazimxo’jidan Azim Roy masjid qurgan oilaning tarixi

  1. ТАРИХГА БИР НАЗАР…

Бутун оламларнинг яратувчиси, бандаларига меҳрибон Зотга ҳамду санолар бўлсин. Ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловотлар бўлсин!

Саййидимиз шажарасига боғлиқлик қуйидагича:

  1. Ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам.
  2. Ҳазрати Амирул мўъминин Имом Али ва Фотимаи Заҳро (р.а.)

17-авлод Ибн Саййид Камолиддин Фарғона ҳокими Султон Илки Мозийнинг қизига уйланадилар. Пайғамбаримизнинг шажаралари Турон эли бўйлаб тарқалади.

28-авлод ибн Саййид Мулла Муҳаммад Ражаб Кўҳистоний Бобораҳим Машрабнинг синглисига уйланганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Хўжандга кўчиб келган авлодларидан бўлмиш шайх Тавротхон эшон, шайх Маслихаддин эшонларнинг фарзандлари Абдуллоҳхўжа эшон ва Улуғхўжа эшонлар Наманганга мурид овлаб келишади ва ҳаётларининг охиригача шу ерда яшаб қолишади.

Саид Абдуллоҳхўжа эшоннинг ўғли Саидиномхўжа эшон ва келини Тиллаойим пошшалар олти ўғил, икки қиз кўришади.

Катта ўғил Саидазимхўжа ва келинлари Бурулчадан қизлари Пўлатхон туғилган. У Файзиохун Алиохуновга турмушга чиқиб, Ёқутхон ва Рўзиохунлар туғилишган.

Иккинчи ўғил Саидиброҳимхўжанинг авлодлари ҳозирча номаълум.

Учинчи ўғил Саидисомхўжадан Ҳамрохўжа, шунингдек, Аммахон, Назокатхон, Шаҳодатхон ва Равзахонойим пошшалар туғилишган.

Тўртинчи ўғил Маъруфхўжа эшондан Эшонхон эшон, Сиддиқхўжа эшон, Абдураҳмонхўжа, Абдулбоқихўжа исмли авлод давом этган. Сиддиқхўжа эшон Наманган музофотида тариқат иршодини олган сулук раҳбари ҳам бўлган.

Бешинчи ўғил Саидваққосхўжа эса Ортиқхўжа исмли фарзанд кўрган.

Олтинчи ўғил Низомхўжадан эса Турсунхон, Зебонхон ва Икромхўжалар туғилишган.

Оиладаги катта қиз Ҳабибахонойим пошшанинг авлодлари ҳозирча номаълум.

Кенжа қиз Адолатхонойим эса Болтихўжа Аълоев билан турмуш қуриб, Маҳмуджон исмли фарзанд кўрган.

Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин!

  1. МАҲАЛЛА ТАРИХИГА БИР НАЗАР

Наманган шаҳрининг марказида дастлаб Чорсу, Кўзагарлик, Ғишткўприк, Курашхона ва Сардоба даҳалари бўлган. Россия босқинигача ва ундан кейин ҳам шаҳар марказидан Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғигача 20 дан зиёд масжид мадрасаси билан фаолият юритган. Айниқса 1600 йилларда Қалқонқулоқда – экинзор боғда қурилган масжиднинг шуҳрати катта бўлган.

Қизил империя даврида мазкур ҳудуд қулоқ қилинган шахсларга паноҳ бўлганлиги учун халқ тилида “Қалқонқулоқ” номини олган. Қалқонқулоқ масжиди 1937 йилгача жомеъ сифатида фаолият юритган. Бундан кўринадики бино 337 йил мобайнида ишлатилган. Ўтган даврлар ичида Нурмуҳаммад ҳожи, Мирҳалил ҳожи, Саидазимхўжа сингари бойлар томонидан таъмирланган.

  1. САИДАЗИМХЎЖАНИНГ ШАЖАРАСИ

Наманганда бундан 500-600 йиллар аввал эзгу хулқу атвор соҳиби, исломий эътиқод эгаси Абдуллоҳхўжа эшон яшаб ўтганлар. Улар муҳтарам пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В)нинг авлодлари бўлганлар. Шунингдек, у кишининг хотинлари ҳам саййидимиз Муҳаммад (С.А.В) шажараларига боғланганлар. Негаки, Хўжандда яшаб ўтган шайх Маслихаддин бу зотнинг боболари, Тавротхон эшон лақабли шайх эса катта боболари бўлган.

Ўша вақтдаги ҳукмдор улуғ зот бўлган Абдуллоҳхўжа эшонга шаҳарнинг баҳаво, қимматбаҳо ерларидан совға – иқто қилади. Бу ҳозирги Ғишткўприк маҳалласи ҳудудидир. Абдуллоҳхўжа эшон ва укалари Улуғхўжа эшон Намангандаги улуғ зотлардан бўлишган.

Абдуллоҳхўжа эшоннинг Саидиномхўжа исмли ўғиллари ва Тиллоойим пошша исмли келинлари бўлган.  Улар олти ўғил, икки қиз фарзанд кўришган. Фарзандларидан бири Саидазимхўжа ўз даврининг етук билимдони ва йирик фабрикант бўлган. Наманганда илк бор қанд маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасини очган. У Қалқонқулоқ маҳалласига кўчиб келиб, Ҳанифахон билан яшаб, қизлари Робияхон ва Раҳимахонни тарбиялайди.

Саидазимхўжанинг илми ва бойлиги совет давлатининг қатағон машинасига дуч келди. “Халқ душмани” сифатида қора рўйхатга тушди ва Қозоғистонга сургун қилинди. Маълум вақт Меркеда яшади. Сўнг Қирғиз Республикаси Чуй вилояти Панфилов тумани, Чолдавор қишлоғида яшаб келди. Умрининг сўнгги йиллари Букара қишлоғидан бўлган қирғиз қизи Бурулчага уйланди. Улар Пўлатхон исмли қиз кўришди. Пўлатхон билан нуроталик  Файзиохунлар турмуш қуриб, Ёқутхон ва Рўзиохунлар туғилишди. Ёқутхон эрта вафот этди. Рўзиохун етимлик ситамларини бошидан ўтказди.

Қирғиз Республикасида яшаб, ўзбек ва қирғизларга бирдай бағрикенглик билан хизматда бўлган, қардош халқнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётига жуда катта ёрдам қилган Саидазим уста буванинг издошлари кўпайди. Асли наманганлик бўлган Эргашбой Саидбоев, Мадумаржон Муҳаммадалиев, Комилжон Саидбоев, Тўланбой Худойбердиев, Ёқубжон Исмаиловлар номини бугун фахр билан тилга оламиз. Уларга ва уларнинг фарзандларига “ота юртингиз Наманганга хуш келибсиз!” деймиз.

  1. МАСЖИДНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

Қарийб 82 йил давомида фаолият юритмаган, бунинг оқибатида бутунлай яроқсиз ҳолга келган масжид шукрки, ўзининг иккинчи умрини бошлади. “Зарбдор” маҳалласидаги бу масжид жаҳонга машҳур меценат Рўзиохун Саидазимов томонидан бобоси Саидазимхўжа ҳамда бобокалонларига эҳтиром сифатида қуриб битказилди. У Наманганда бундан бошқа ҳам катта ишларни амалга оширди.

Scroll to Top